Сифатли тиббий хизмат – халқ розилиги кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этишда муҳим омиллар” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда депутатлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2-бандида белгиланган вазифаларнинг Сирдарё вилоятидаги ижроси ҳамда 2021 йил 25 майдаги тегишли қарорининг 11-бандига мувофиқ, Республиканинг бошқа ҳудудларида давлат тиббий суғуртаси тизими механизмларини жорий этиш бўйича қилинган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Сирдарё вилоятида тиббиётни ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, янги тизим бўйича ходимларни ўқитиш йўлга қўйилиб, аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, кафолатланган пакет доирасида кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда шифокор қабули, консультацияси билан биргаликда профилактик тадбирлар, 12 турдаги инструментал диагностик, 12 турдаги лабаратор текширувлар, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 19 турдаги диагностик ҳамда 16 турдаги лабаратор текширувлар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмлар учун аҳоли жон бошига ажратилган маблағлар миқдори 5 минг сўмдан 15 минг сўмга, яъни 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилди.

Семинарда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги тегишли қарори ижроси доирасида қилинган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий қилиш борасидаги ишларни кучайтириш, аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш табели бўйича янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва зарур реактивлар билан таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Кафолатланган пакет доирасидаги формулярга бугунги кунда беморларни даволаш учун ҳақиқатда зарур бўлган дори воситаларини киритиш ҳамда тиббиёт муассасаларини дори воситалари билан муассаса формуляри асосида узулуксиз таъминлаб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, тиббий жиҳозлар, буюмлар, компьютер техникаси ва бошқа воситаларни хатловдан ўтказиш, малакали тиббий ходимлар билан таъминлаш, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатиш учун тиббиёт муассасаларини зарур бўладиган тиббий техника билан жиҳозлаш, оилавий шифокор йўлланмаси асосида кафолатланган пакетга киритилган бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини ташкил этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Якунда иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.