Очиқлик ва ошкораликни таъминлашда ОАВнинг роли муҳокама этилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ва амалиёт: оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш истиқболлари» мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Ў.Мирзаёров ва бошқалар мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

2014 йил 5 майда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжатда давлат ва жамоатчилик ишларини бошқариш жараёнига фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали давлат органлари фаолиятининг очиқлик ҳамда самарадорлик даражасини ошириш, ушбу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг кенг иштирокини таъминлаш чоралари кўзда тутилган.

Тадбирда жамият ва давлат қурилиши соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Бу жамиятни демократлаштиришни янада жадаллаштириш, фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб этиш, ахборотдан ҳамда замонавий давлат электрон хизматларидан самарали фойдаланиш тизимларини ривожлантиришга хизмат қилади.

“Давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва ошкоралигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти: ютуқ ва камчиликлар», “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ОАВнинг роли ва вазифалари» мавзуларида маърузалар тингланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбарлари, журналистлар, уюшма қошидаги «Ёш журналистлар клуби» аъзолари ҳамда журналистика соҳасида таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирок этди.