Парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ва Сенати масъул ходимлари билан учрашди.

Мулоқот аввалида А.Саидов меҳмонларни самимий қутлаб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳақида маълумот берди.

Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалалари, Ўзбекистон-Америка парламентлари аъзолари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Кейинги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

2015 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон БМТ Саммитида эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг миллий даражада бажарилиши бўйича шартларини қабул қилганлиги ва 2018 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани таъкидланди.

Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат ўзида 16 та мақсад ва 225 та вазифани қамраб олган бўлиб, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Тараққиёт стратегияси билан тўлиқ ҳамоҳангдир. Шу боис, унинг асосида парламентни ислоҳ қилиш, аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш, одамлар саломатлигини муҳофазалаш, иқтисодиётни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишидаги нутқида “Бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозим” дея таъкидлаган эди.

Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2020 йил 27 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясини тузиш тўғрисида”ги қўшма қарори мамлакатимизда 2030 йилга қадар юқорида келтирилган кенг кўламли мақсадларга ҳамоҳанг эканини тасдиқловчи муҳим қадамлиги қайд этилди.

АҚШ томони Ўзбекистоннинг ташқи олам билан очиқ, дўстона ва ўзаро манфаатли шериклик сари ташлаётган ишончли қадамларига юқори баҳо берди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг долзарб масалалари бўйича мунтазам алоқаларни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *