Вазият

«Тасдиқланган»

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг

очиқлигини таъминлаш фаолиятини мониторингини олиб бориш ва

мувофиқлаштириш бўйича Жамоатчилик кенгаши қарори,

2015йил 6 декабрдаги №1-сонли Баённома

 

 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ва мониторинг бўйича жамоатчилик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

 

I.    Умумий қоидалар

II.   Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифа ва функциялари

III. Жамоатчилик кенгашининг ваколатлар

IV. Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш

V.   Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

VI.  Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи

VII. Жамоатчилик кенгаши қарорларини қабул қилиш ва унинг ижросини ташкил этиш

VIII. Якунловчи қоидалар

I. Умумий қоидалар

 

  1. Мазкур Низом давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ва мониторинг бўйича жамоатчилик кенгаши фаолияти ва ишлаш тартибини белгилайди(кейинги ўринларда Жамоатчилик кенгаши).
  2. Жамоатчилик кенгаши фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб этган ҳолда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш давлат тизимини шакллантиришга кўмаклашиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини баҳолаш мониторингини жорий этиш ва амалга ошириш мақсадларида ташкил этилган мувофиқлаштирувчи, маслаҳат органи ҳисобланади. Жамоатчилик кенгаши юридик шахс ҳисобланмайди. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
  3. Жамоатчилик кенгаши аъзолари таркиби парламент аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, мамлакатдаги етакчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари ва вакиллари, ахборот соҳаси олимлари ҳамда мутахассислари ва бошқалардан иборат.
  4. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
  5. Жамоатчилик кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

 

 

II. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифа ва функциялари

 

  1. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини ошириш, улар фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш жараёнларига, шунингдек фуқароларнинг давлат бошқаруви сифатидан қониқиши ўсишига кўмаклашиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилишнинг, давлат органлари қабул қилаётган қарорлар ва энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қарорлар тўғрисида аҳоли, жамоат бирлашмалари кенг фойдаланишини таъминлашнинг самарали, амалий механизмларини белгилаш;

фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини ижро ҳокимияти органлари фаолияти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсати хақида сиёсий плюрализм принципларини, мамлакатда ва унинг ташқарисида юз бераётган воқеалар тўғрисида фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда давлатнинг ички ва ташқи сиёсати очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этишга кенг жалб этиш;

Комплекс чора-тадбирларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини мувофиқлаштириб бориш;

очиқликни таъминлашнинг самарали тизимларини шакллантиришда, фуқароларнинг ахборотни эркин олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига услубий, маслаҳат ёрдами бериш, ушбу соҳада зарур стандартлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, давлат органларифаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида жамоатчиликни атрофлича хабардор қилиш ва бошқалар.

  1. Юклатилган вазифалардан келиб чиқиб Жамоатчилик кенгаши:

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларифаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ЎзбекистонРеспубликаси Қонуни қоидаларини амалга ошириш бўйича Комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади, унинг ижроси якунларини таҳлил қилади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни янада ривожлантиришга кўмаклашади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасида услубий тавсиялар, техник регламентлар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини оширишга қаратилган тадбирлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва иштирок этади;

фаолият очиқлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ижро этиш амалиётини кўриб чиқади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш тизимини жорий этилиши ва ишлашини, ҳамда мониторинг ва баҳолаш якунларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этишнитаъминлайди;

юклатилган вазифалар доирасида давлат органларига мурожаат қилади ва улардан талаб этилган ахборотни олади;

фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда фаол  иштирок этишига ёрдам беради;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасидаги таҳлилий материалларни тайёрлаш ва чоп этишда иштирок этади.

Жамоатчилик кенгаши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасида бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

III. Жамоатчилик кенгашининг ваколатлари

 

  1. Жамоатчилик кенгаши ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирлик, идора, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан ўрнатилган тартибда зарур ахборот ва материалларни олиш;

экспертлар гуруҳлари тузиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш назарияси ва амалиёти масалаларини ўрганиш бўйича ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш;

давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга ихтисослашган етакчи ҳорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва ташаббус кўрсатилишида қатнашиш, мазкур мақсадлар учунЎзбекистон Республикаси Давлат бюджети, вазирлик, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондинингўрнатилган тартибда давлат грантлари, ижтимоий буюртмаси шунингдек, беғараз техник кўмаги(грант), халқаро молия институтлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа манбалари ҳисобидан маблағлар жалб этиш;

Жамоатчилик кенгаши ваколатларига доир масалалар юзасидан кенг жамоатчилик эътиборига ахборотлар етказиш;

Интернет тамрмоғида ўзининг расмий сайтига эга бўлиш ва уни тизимли равишда ахборотлар билан тўлдириб бориш.

Жамоатчилик кенгаши қонунчиликка асосан бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

IV. Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш

 

  1. Жамоатчилик кенгаши раис, раис ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда тузилади.
  2. Жамоатчилик кенгашига унинг раиси раҳбарлик қилади.

Раиснинг ваколатларига қуйидагилар киради:

Кун тартибини белгилаш ва Жамоатчилик кенгаши мажлисини чақириш;

Жамоатчилик кенгаши қабул қилган қарорларнинг ижросини назорат қилиш;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларига вазифаларни тақсимлаш ва юклатилган топшириқларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб бориш;

Жамоатчилик кенгашига раҳбарлик қилиш ва унинг фаолиятини назорат қилиб бориш;

Жамоатчилик кенгаши самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

  1. Қарорлар қабул қилишда Жамоатчилик кенгашининг фаолияти тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик принципларига асосланади.
  2. Жамоатчилик кенгаши Жамоатчилик кенгашининг раиси томонидан тасдиқланган режа асосида фаолият олиб боради ва заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўзининг мажлисларини ўтказади.
  3. Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан бир қисми ташаббуси билан навбатдан ташқари мажлис ўтказилиши мумкин.
  4. Жамоатчилик кенгаши мажлисини унинг раиси олиб боради. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг кўпчилиги иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
  5. Жамоатчилик кенгаши томонидан кўриб чиқилаётган масала хусусиятига қараб мажлисга давлат органлари раҳбарлари ва мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар таклиф этилиши мумкин.
  6. Жамоатчлик кенгашининг асосий йўналишлари, шунингдек, Жамоатчилик кенгашига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун, унинг аъзолари таркибидан, асосий йўналишлари ва таркиби Жамоатчилик кенгаши қарори билан тасдиқланган ишчи гуруҳлар шакллантирилади. Шакллантириладиган ишчи гуруҳлар таркибига экспертлар, амалиётчи-мутахассислар ва бошқа шасхлар жалб қилиниши мумкин.

 

 

V. Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

  1. Жамоатчилик кенгаши аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

— Жамоатчилик кенгаши мажлисларида шахсан иштирок этиш, мажлис кун тартибидаги масала юзасидан, регламентда белгиланган вақт доирасида сўзга чиқиш;

— Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлиси учун шакллантириладиган кун тартибига таклиф киритиш;

— Жамоатчилик кенгаши фаолиятида иштирок этиш имкони бўлмаганда, унинг таркибидан чиқиш тўғрисида ёзма равишда ариза билан мурожаат этиш.

Жамоатчлик кенгаши аъзоларига вазифаларни тақсимлаш, муайян ҳар бир аъзо учун Жамоатчилик кенгаши раиси томонидан амалга оширилади.

  1. Жамоатчилик кенгаши аъзоси қуйидагиларга мажбур:

— Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида унга юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

— Жамоатчилик кенгашининг мажлисларида шахсан иштирок этиш. Жамоатчилик кенгаши мажлисида иштирок этишнинг иложи бўлмаган ҳолда, бу ҳақда Жамоатчилик кенгаши раисини олдиндан хабардор қилиш.

Жамоатчилик кенгаши аъзолари Жамоатчилик кенгаши фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка ва ҳужжатларга асосан бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга хам эга бўлиши мумкин.

 

VI. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи

 

  1. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи фунцияларини Ўзбекистон ахборот технологиялари ташкилотлар ва корхоналар Ассоциацияси нодавлат нотижират ташкилоти амалга оширади (кейинги ўринларда – ишчи орган).
  2. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи унга юклатиган вазифаларга мувофиқ:

давлат хизматлари кўрсатиш, шу жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш билан боғлиқ бизнес жараёнларини бошқаришни оптималлаштириш, такомиллаштириш, инновацион механизмларни жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлашни амалга оширади;

тизимли мониторинг олиб бориб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ҳолатини баҳолаб боради;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ҳолатини баҳолаш методикасини ишлаб чиқади;

Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал этади;

Жамоатчилик кенгашининг келгуси давр учун иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, унинг ижросини назорат қилади, Жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган иш режасига мувофиқ жорий фаолиятини ташкиллаштиради;

тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ижро этилишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарурий хужжатларни ўз вақтида тайёрлайди ҳамда уни ўтказишни ташкиллаштиради;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги илмий, илмий-услубий ва бошқа материаллар тайёрлашни амалга оширади;

Жамоатчилик кенгаши қарорига мувофиқ Жамоатчилик кенгашига кўриб чиқиш учун маълумотлар, таҳлилий ва бошқа материалларни тақдим этади;

Жамоатчилик кенгашининг қабул қилган  қарорлари ижро этилишини назорат қилади;

ёзишмаларни юритади ва Жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг ҳисобини юритади ва сақлайди.

VII. Жамоатчилик кенгаши томонидан қарорлар қабул қилиш ва унинг ижросини ташкил этиш

 

  1. Жамоатчилик кенгаши қарори унинг мажлисида иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва Жамоатчилик кенгаши раиси тасдиқлагандан сўнг кучга киради. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Жамоатчилик кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи кучга эга.
  2. Жамоатчилик кенгаши раиси алоҳида масалалар юзасидан тезкор қарор қабул қилиш мақсадида Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан келишган холда, сўров ўтказиш йўли билан Жамоатчилик кенгаши қарорини тасдиқлаши мумкин.
  3. Жамоатчилик кенгаши қарори Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгашининг қарори Жамоатчилик кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.
  4. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи Жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг назорати ва мониторингини юритади ва зарур ҳолларда Жамоатчилик кенгаши раисига тегишли таклифлар киритади.
  5. Жамоатчилик кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, амалга ошириш учун тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборилиши мумкин.
  6. Жамоатчилик кенгаши мунтазам равишда ўз мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолатини кўриб чиқади.
  7. Жамоатчилик кенгаши расмий ёзишмаларни амалга ошириш учун Жамоатчилик кенгашининг расмий бланкасидан фойдаланади.

 

VIII. Якунловчи қоидалар

 

  1. Жамоатчилик кенгашини қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан амалга оширилади.