Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўтказилган йиғилишдан кўзланган асосий мақсад – тайёрланган қонун лойиҳаси матнида бизнес-омбудсман фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва ўзаро самарали электрон ҳамкорлик борасидаги қоидаларнинг ўз аксини топганлигини таҳлил қилиш; бизнес-омбудсман фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш; тадбиркорлик субъектларининг ахборотга бўлган ҳуқуқларини химоя қилиш, уларнинг давлат ахборот тизимлари ва давлат ахборот ресурсларидан монеликсиз фойдаланиши бўйича ҳуқуқий асосларни шакллантириш хисобланади.
Йиғилишда муҳокама қилинган қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Мамлакат парламенти ҳузурида бизнес-омбудман институтини ташкил этишга ҳуқуқий асос яратади.
Шуни таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун интернет тармоғидаги Қонунчилик палатасининг www.parliament.gov.uz манзилида расмий веб-сайтга жойлаштирилиб, олимлар ва экспертлар доирасида, давлат бошқаруви тизими, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ўртасида қизғин бахс-мунозаралар учун асос бўлди.
Йиғилиш иштирокчилари тайёрланган қонун лойиҳасига ахборот қонунчилиги нуқтаи назаридан бир қатор муҳим қоидалар киритилганлигини қайд этишди. Жумладан, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мавжуд материаллар тўғрисида ахборот алмашишни амалга ошириш борасида Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил фаолиятини тартибга солувчи қоидалар киритилган. Шунингдек, бундай ахборотларни ўзаро алмашиш электрон шаклда хам амалга оширилиш имконияти белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш жараёнида йиғилиш иштирокчилари қуйидаги қоидаларни қўшиш лозимлигини қайд этишди:
— бизнес-омбудсман фаолиятининг асосий тамойилларини, жумладан улар орасида очиқлик ва ошкоралик мажбурийлигини белгилаб берувчи алоҳида модда;
— Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Вакилнинг конфеденциал ахборотларни, шу жумладан жисмоний шахслар мурожаат қилганда шахсий маълумотларни ошкор этмасликнинг зарурий чораларини кўриш бўйича мажбуриятини белгилаш;
— Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Вакилнинг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларни ўрнатиш ва “Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил тўғрисида ахборот” таркибига кирувчи ахборотлар рўйхатини белгилаш;
— фаолият очиқлигини таъминлаш бўйича Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил фаолиятини регламентлаш (ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириш, очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш, фаолият тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш ва бошқалар);
— қонун хужжатлари таъсирини баҳолаш тизиминнг сайтига (ҚХТБТ-СОВАЗ) жойлаштирилган муҳим норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларига Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил муносабатини мажбурий тайёрлаш ва эълон қилиш;
Тадбирда ишлаб чиқилган тавсия ва фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида тегишли ишчи гуруҳга тақдим этилди.