Иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг роли ошади

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётда хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида устуворлик қаратиб келаётган давлат сифатида дунё иқтисодиётида алоҳида ўринга эга бўлиб бормоқда. Сабаби, Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган, хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш борасидаги институционал ва маъмурий ислоҳотлар узвий давом эттирилмоқда.

Шу боисдан, иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг ролини ошириш, барча тармоқ ва соҳаларда хусусий секторнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали, аҳоли даромадини ошириб, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қартилмоқда. Бунинг натижасида, бугун фуқароларимиз ҳеч иккиланишларсиз, ерга эгалик қилиш орқали даромадини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўз фаолияти кўламини кенгайтириш бугунги замон талаби эканлигини тушуниб етмоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш орқали камбағалликни икки баробарга қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ҳамда хусусий инвестициялар ҳажмини кескин оширишга қаратилган бир қатор мақсад ва вазифалар белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги Фармони билан Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган бир қатор мақсадлар амалиётга татбиқ этилиб, давлат иштироки сақланиб қолаётган товар ва хизматлар бозорини эркинлаштириш ҳамда ушбу соҳаларга хусусий секторнинг кириб келишини кенгайтиришга йўл очиб берувчи бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Жумладан, Фармон билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини шаффоф тарзда хусусийлаштиришда, энг аввало, хусусий инвесторларни жалб қилишни муҳим омили сифатида белгилаш ҳамда ерларни аукционга чиқаришда уларнинг жозибадорлигини ошириш учун инфратузилма ва бошқа зарурий шароитларни яратиб бериш муҳим эканлиги белгилаб берилди.

Албатта, ушбу вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши қисқа фурсатда ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз. Боиси, жаннатмакон иқлим шароитига эга бўлган Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида аҳоли деҳқончилик қилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун барча зарурий маҳсулотлар, энг асосийси инсон ресурси етарли даражада. Бугунги кундаги ягона муаммолардан бири бу — инфратузилма ва замонавий технологияларни жорий этиш билан боғлиқ бошқа зарурий шароитларни яратиш бўлиб қолаётган эди.

Фармон билан энди ҳар бир ҳудуддаги ер майдонлари авваламбор, барча шароитлар яратилган ҳолда савдога чиқарилиши белгилаб берилмоқда. Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларини трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштиришни жадаллаштириш, иқтисодиётда самарасиз ишлаётган корхоналар улушини камайтириш ҳисобига сифат жиҳатидан янги, хусусан, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асосланган инвестициялар ва ишлаб чиқариш унумдорлиги юқори бўлган технологияларнинг кўпайишини рағбатлантириш белгиланмоқда.

Бунда, иқтисодиётнинг драйвер тармоқлари, хусусан, тоғ-кон, нефть-газ, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларни кафолатланган хомашё базаси билан таъминлаш учун геология-қидирув ишларига, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнига хорижий инвесторларни жалб қилишни жадаллаштириш, минерал хомашё базаси захираларини кўпайтириш қўллаб-қувватланади.

Бугунги куннинг яна бир глобал муаммолардан бири, ичимлик ва оқова сув таъминоти, иссиқлик таъминоти каби масалалар ҳамда ободонлаштириш, йўл қурилиши, авиация инфратузилмаси соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кескин кўпайтириб, “комплаенс” назорат тизимини кенг жорий этишга, харидлар тизими шаффофлиги таъминлаб, коррупциянинг олдини олишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шунингдек, 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан оладиган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12 фоиз қилиб белгиланмоқда. 1 майга қадар эса, тажрибали инвестиция банки жалб этилиб, 2022 йил якунига қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали камида 49 фоиз улуши, “Иссиқлик электр станциялари” АЖдаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёнлари бошланади.

2022 йил 1 сентябрга қадар халқаро консалтинг компанияси хулосалари асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖни ислоҳ қилиш стратегияси ишлаб чиқилиб, янги кичик ва ўрта гидроэлектростанцияларни қуришда хусусий сектор иштирокидаги, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги лойиҳаларни амалга оширишга устуворлик берилади.

Шу билан бирга, жорий йил 1 сентябрга қадар “Uzbekistan airways” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улуши акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали савдога чиқарилса, 1 августга қадар “UzAuto Motors” АЖ акциялар пакетининг 10 фоизгача қисми маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштирилади.

Иқтисодиётнинг барча босқичларида Давлат улишини камайтириб, хусусийлаштиришга устуворлик қаратиш орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, маҳсулотлар сифати ва ҳажмини ошириш борасида ўтган вақт давомида тўпланган тажрибадан самарали фойдаланган ҳолда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттириш қисқа фурсатларда мамлакатмиз иқтисодий имкониятларини янада кенгайтириши шубҳасиз.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *