Жамиятда фуқароларнинг пластик карталари ва банк ҳисобларидан алдов-фирибгарлик йўли билан ахборот тизими, жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланиб ёки тизимга рухсатсиз кириш, ундан фойдаланиш орқали маблағларини ечиб олиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Бу жиноятларнинг турлари кўп бўлиб, фуқаролардан тегишли органларга, депутатларга ҳам кўп мурожаатлар бўляпти. Масалан, ижтимоий тармоқлар орқали бирор буюм, маҳсулот рекламаси, ҳаволаси эълон қилиниб, пул ўтказилгандан кейин етказиб бериш ваъда қилинган ҳолда, товар етказиб берилмаслиги, кимгадир моддий ёрдам учун пластик карта қўйиш орқали пул йиғиб олиш турлари кўпайган.
Шунингдек, кўп вазиятларда фуқароларнинг ишончига кириб, телефон рақамларига келган смс-коди, верификация кодини сўраш орқали уларнинг пластик карталаридан маблағ ечиб олиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Хусусан, телеграм гуруҳга одам қўшганлиги учун маблағ ўтказиб бериш ваъда қилиниши билан бирга, телефон рақам ва смс кодни сўраб олиб маблағларни онлайн режимда ўғирлаш жинояти ҳам мавжуд. Бундай жиноятлар смс-код орқали бошқа мамлакатдан туриб амалга оширилиши мумкин.
Баъзан фирибгарлар “Оператор қўнғироғи”, “Мессенжер орқали қўнғироқ”, “Банкдан карта блокировкаси ҳақида мобил оператор хабари” каби соҳта хабарлар схемаси орқали фирибгарлик операцияларини амалга оширмоқда. Бундай фирибгарликлар, ўғриликлар бугун оммалашиб, ижтимоий хавфи ҳам ошиб бормоқда.
Шу боис бугун ҳаётнинг ўзи қонунчилигимизда фирибгарликнинг бундай турларини назарда тутишни тақозо этмоқда. Демак, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиб, бундай жиноятлар учун жавобгарлик белгилаш давр талабидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан ахборот-коммуникация тизимлари орқали ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ ўғрилик жиноятларини содир этганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилмоқда.
Мазкур ҳужжат билан ахборот тизимига рухсатсиз кириб ёки электрон тўлов воситаси ёҳуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган ўғирлик жинояти учун жавобгарликни Жиноят кодекси 169-моддасининг учинчи қисмига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритиш белгиланяпти.
Шу нуқтаи назардан айтганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда ижтимоий хавфи ошиб бораётган янги турдаги фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларининг олдини олиш билан бирга, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати