Ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламга бегона кўз билан қараш уларни қийнаб турган муаммоларни ҳал қилмайди. Аксинча, бундай муносабат вазиятни борган сари чигаллаштиради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ташрифи давомида бу масалага батафсил тўхталиб, айрим воқеаларни эслади, ҳолатга реал қараб, муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий ҳимояга, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлган шахсларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш ҳақида гапирар экан, Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган оятни эслатиб ўтди.
Йиғилишда ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг қатъий йўналиши кўрсатиб берилди. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги ислоҳотлар эҳтиёжманд қатлам вакиллари билан боғлиқ муаммоларга кўз юмиш эмас, аксинча, вазиятга реал қараб, уларни босқичма-босқич ҳал этиш, айни пайтда, бундай қатлам вакилларини ҳаётдан узоқлаштирмасдан, жамиятнинг фаол аъзосига айлантиришга йўналтирилгани уқтирилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалар мавжуд. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу ҳақда гап кетганда, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси, улар учун қўшимча кафолатлар, таълим олиши, меҳнат муҳофазаси, ногирон фарзанди бор ота ёки онага солиқ имтиёзлари каби тартиб-таомиллар мустаҳкамлаб қўйилди.
Эътиборлиси, ушбу қонун ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қонун ижросини таъминлаш йўлида ўтган даврда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, қонун талабига кўра, таълимнинг барча босқичларида тегишли шароит яратилди, маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахсларни уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлди.
Бир пайтлар “Меҳрибонлик”, “Саховат” уйлари, махсус интернатлар назардан узоқроқ тутилган бўлса, кейинги йилларда бу йўналишга алоҳида эътибор қаратиш мутасадди раҳбарларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Яъни, давлатнинг сиёсати, раҳбарларнинг муносабати бутунлай ўзгарди.
Хусусан, ўтган йили 25 мартда қабул қилинган Президент фармони билан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилди.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват уйлари”, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди. Мазкур интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 минг нафар ёлғиз фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Бундан ташқари, “Замин” жамғармаси билан ҳамкорликда заиф эшитувчи 2 мингдан зиёд болалар рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди, 11 та кўзи ожизларгаихтисослашган мактаб-интернатлар ёрдамчи товуш-нутқ воситалари билан жиҳозланди. Ногиронлиги бўлган 900 нафар бола протез-ортопедия мосламалари, 1 минг 100 нафар шахс пультли аравачалар билан таъминланди.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган кўплаб болалар оилаларга қайтаётгани, 10 та меҳрибонлик уйи, 3 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи эҳтиёж қолмагани сабабли ёпилгани, бағри кенг, болажон юртдошларимизнинг эзгу амаллари ва уларнинг мукофоти яхшилик бўлиши табиий, албатта.
Давлатимиз раҳбари мазкур соҳада қилиниши керак бўлган ишларни батафсил кўрсатиб ўтди. Жумладан, 36 та “Саховат” ва “Мурувват” уйларидан 12 тасида қўшимча бино, 7 тасида ётоқхона, ошхона, тиббиёт бўлими, спорт зали қуриш, 21 тасида бинолар ва иситиш-совутиш тизимини таъмирлашга эҳтиёж мавжуд. Шунингдек, 6 та “Меҳрибонлик” ва 11 та кичик ёшдаги болалар уйларидан 2 таси таъмирга муҳтож аҳволда. Имконияти чекланган болаларга ихтисослашган 86 та мактаб-интернатдан 11 таси капитал таъмирлашни талаб этади.
Йиғилишда интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 минг нафар ҳеч кими йўқ ва ёлғиз яшайдиган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилгани таъкидланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси эҳтиёжманд қатламнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича кейинги йилларда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун катта ресурс ва имкониятлар сафарбар этилаётганини қўллаб қувватлайди. Партиямизнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари, парламент қуйи палатасидаги фракцияси мазкур йўналишда қабул қилинган қонун, қарор ва фармонлар ижроси бўйича депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга ўзини масъул, деб билади.
Депутатлар ва партиямиз фаоллари жойларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил тадбирлари олиб борилаёяпти, халқ депутатлари маҳаллий Кенгшларининг доимий комиссия ва сессияларида мутасадди ташкилотларнинг ахборотлари эшитиляпти. Аммо, тан олиш керак, бу борадаги фаолиятимизда изчиллик етишмаяпти. Барча депутатлик бирлашмаларимиз бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, партиямиз электорати манфаатлари ҳимояси йўлида қатъий позиция кўрсатиши талаб этилади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси раҳбари