Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари тизимлаштирилиб, соҳани тартибга солувчи ягона ҳужжат яратилади.
Бундан ташқари, лойиҳадаги нормалар билан вояга етмаган шахсга нисбатан ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олиш ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш ўрнига, унинг жамиятга мослашувини таъминловчи замонавий механизм амалиётга жорий этилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик кучаяди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини ташкил этиш борасида идоралараро комиссиялар фаолиятини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда фаол иштирок этганларни рағбатлантириш тартиби ҳам белгилаб берилмокда.
Мажлисда қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.