Электрон фирибгарлик учун жазо кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси регламентига мувофиқ, ҳар ҳафтанинг биринчи кунида қўмиталарда ишланган қонун лойиҳалари сиёсий партиялар фракцияларида муҳокама қилинади.
Куннинг биринчи йиғилишини бошлаб берган “Миллий тикланиш” демократик партияси кун тартибига киритилган 8 та қонун лойиҳаси кун якунида ЎзЛиДеП фракциясидаги қизғин муҳокамалар билан якунланди.
Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари орасида “Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги лойиҳага тақдим этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар кўплаб саволларга сабаб бўлди. Интернет тармоқларидан фойдаланиш ҳар қандай маълумотни тезкорлик билан олиш ва тарқатиш учун жуда фойдали, аммо бу имкониятни фирибгарлик йўлида қўллаётганлар ҳам йўқ эмас. Қонун лойиҳаси ғаразли мақсад йўлида бошқаларга моддий зарар етказаётган устамоларга нисбатан жазо чорасини кучайтиришни назарда тутган.
Янги солиқ имтиёзлари берилмоқда
Фракция йиғилишларига 3 та қонун лойиҳасини олиб чиққан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси бу гал кўпчиликка хушхабар етказди. Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали — янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзли давр уч йилдан беш йилга узайтирилади;
— болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;
— 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар бўлган даврда Қорақолпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилади;
— 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган даромадлари барча товарлар ва ҳизматлар реализациясида камида 80 фоизни ташкил қилувчи корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланаётгани қонун лойиҳасида акс этган. Бу орқали солиқ тизимидан яхши хабарлар кутаётган фуқаролар учун жуда қулай имкониятлар тақдим этилмоқда.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Д.Ғаниев бу имтиёзлар фақатгина янги тадбиркорларга эмас, балки барча тадбиркорлар учун қўлланилишига аниқлик киритди. Барча фракциялар томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳа иккинчи ўқишда маромига етказилади.
Судлар фаолиятида янгилик
Энди сиз суд билан боғлиқ жараёнларда онлайн иштирок этишингиз, чақириқни телефонингизда смс тарзда қабул қилишингиз ва албатта, онлайн мурожаат қилишингиз мумкин.
Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалари қўмитаси томонидан биринчи ўқишга олиб чиқилган “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида айни шу жиҳатлар назарда тутилган.
Бугунги кунга қадар суд жараёнларининг чўзилиши, олиб борилаётган ишларнинг очиқланмагани ва ҳужжатлар алмашинуви жараёни мураккаблиги аҳоли орасида кўплаб тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган эди.
Депутатлар киритилаётган янги ўзгаришларни мақуллаш билан бирга смс орқали юборилган сўров расмий ҳужжат сирасига киришини аниқлаштирди. Халқ демократик партияси фракциясида қонун ташаббускорларини депутатлар саволларга кўмиб ташлашди.
Халқаро тажриба, смс хабарни олган ёки олмаганини тасдиқлаш каби музокарали саволлар ўртага ташланди. Қонун лойиҳаси устида узоқ ишлаган ташаббускорлар ҳам бўш келишгани йўқ. Ҳар бир саволга амалиётдан келиб чиққан ҳолда асосли жавоб қайтаришди.
Ер муносабатларида шаффофлик
Қонун лойиҳаси тақдимотидан сўнг, “ушбу қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартишда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни очиқ танлов асосида бериш айтилган. Унга кўра, ҳокимликлар шартнома тузиш ҳуқуқига эга дейилган. Бу қонунга асосан ҳокимликларга тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкони бериляптими”- дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси И.Қудратов.
Адлия вазирлиги масъул ходими Н.Кенжаев бу саволга “Президентимизнинг фармонлари билан бу функция чиқариб ташланган. Туман ҳокимликларига фақат расмийлаштириш қисми берилган,” деб жавоб қайтарди.
Қонун лойиҳасини моддама-модда таҳлил қилган депутатлар ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлар жараёнида кўтарилган масалалар, амалиётдаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан баҳо берди.
Депутатлар қонун ташаббускорларига
шарт қўйди
“Жамоат тартибига қарши тартибсизликни келтириб чиқарган шахсларни белгиланган жойларда ушлаб турилишига ким жавоб беради? Қонун лойиҳасида баённома тузиш ва ушлаб туриш кўрсатилмаган. Ушбу ҳужжат мукаммал эмас” дея эътироз билдирган “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси Ж.Ширинов қонун лойиҳаси юзасидан бетараф бўлди.
Аслида қонун лойиҳасида тартибсизликни келтириб чиқарган фуқаро шахсига аниқлик киритилгунча маҳалла биносида 1 соат ёки Ички ишлар органларида 3 соат ушлаб турилишини назарда тутган. Яна бир фракция аъзоси Д.Арипов маҳалла бинолари бу жараёнларга қай даражада тайёрлигини сўради.
Ташаббускорларнинг ҳар иккала савол бўйича жавоблари ҳам депутатларни қониқтирмади. Ваколат берилиши яхши, аммо бу вазифа билан ишловчилар, амалиётда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан кўра олиш ва уларни бартараф этган ҳолда қонунда акс эттириш лозим. Депутатлар ташаббускорларга айнан мана шундай талабларни қўйишди.
Ҳаммаси ҳам сиз ўйлаганингиздек эмас
Гувоҳи бўлганингиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлар қизғин тус олган. Савол-жавобларга бой, ташаббускорларни ҳам шошириб қўядиган фракция йиғилишларида ҳамма нарса ойдинлашади. Таклиф этилаётган қонунга эҳтиёж борми, унинг қабул қилиниши нималарни ўзгартира олади? Амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этадими йўқми?
Депутатлар мана шуларни инобатга олиб ўз позицияларини билдиришади. Соатлаб муҳокама қилинадиган қонун лойиҳаларидан мақсад лойиҳани маромига етказиш, барча учун тушунарли бўлишини таъминлаш, амалиётда натижадорлигини кафолатлашдан иборат. Фракцияларда мақуллангандан сўнг Қонунчилик палатаси Кенгаши қарорига мувофиқ ялпи мажлисга олиб чиқилади. Кўпчилик тортишувлар бўлмайди, деган ялпи мажлис аслида ҳам тортишувлар эмас фракцияларнинг позицияларидан келиб чиққан ҳолда умумий овоз йиғиш жараёни. Қонун лойиҳалари эса кўпчиликнинг овози билан қабул қилинади ёки рад этилади.
Умида РАҲМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати