Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат – “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан процессуал кодексларни такомиллаштириш, суд амалиётидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ҳамда “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, жиноий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш жараёнида электрон далиллардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби белгиланмоқда.
Хусусан, лойиҳа билан Жиноят-процессуал кодексига электрон далиллардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари киритилмоқда. Унда электрон далилларга қандай ҳужжатлар, маълумотлар киритилиши назарда тутилмоқда. Яъни, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат маълумотлар электрон далиллар ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, процессуал қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф қилишга, янги институтларни жорий этишга, одил судлов сифатини оширишга, суд иш юритувини такомиллаштиришга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.