Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида электрон ҳужжатлар ва электрон рақамли имзолар(ЭРИ)дан фойдаланиш билан боғлик муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда баъзи камчилик ва бўшлиқларни бартараф этишга имкон беради. Қолаверса, амалдаги электрон ҳужжатлар ва электрон имзолардан фойдаланиш амалиётини сақлаб қолган ҳолда қўшимча қулайликлар яратади.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига вақт штампи таърифи киритилиб, унда ЭРИ билан имзоланган, имзоланаётган ахборотга бевосита алоқадор ва имзоланаётган ҳужжатнинг кўрсатилган вақтда мавжудлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат шакли эканлиги кўрсатилган.
Қонун лойиҳасига “ишончли учинчи томон” тушунчаси ҳам киритилган. Унинг ёрдамида Ўзбекистон Республикасида хорижий ЭРИни тан олиш ва Ўзбекистон ЭРИни чет элда тан олиш функциялари бажарилиши кўзда тутилган. Бундай хизматнинг йўқлиги бошқа давлатлар билан трансчегаравий ўзаро ҳамкорликда ЭРИдан фойдаланиш кўламини чеклаши мумкин.
Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши электрон ўзаро ҳамкорлик иштирокчиларига қулайлик яратиш билан бирга, ЭРИдан фойдаланишда юзага келадиган тўсиқларнинг олдини олади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда қабул қилинди.