Сўнгги йилларда юртимизда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятларини ҳамда аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини рақамлаштириш, олис ҳудудларда мобиль алоқа ва мобиль интернет қамровини кенгайтириш, шунингдек мобиль инфратузилмани ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳужжатларни қоғоз шаклидан электрон шаклига тўлиқ ўтказиш ҳамда ортиқча оворагарчиликларни олдини олиш мақсадида давлат органлари фаолияти ва улар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини рақамлаштиришнинг қамровини янада кенгайтириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 22 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам айнан рақамлаштириш ишларини жадаллаштиришга бағишланган эди. Унда рақамлаштириш йўналишида мавжуд камчиликлар санаб ўтилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.
Рақамлаштириш соҳасида давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий-иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур йўналишида қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш мақсадида 2023 йилнинг 3 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан эшитув ўтказилди.
Тадбирда Рақамли технологиялар вазирлигининг давлат органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини ҳамда давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, аҳолини сифатли оптик толали интернет билан таъминлаш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга ошираётган ишлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан
2022 йилда Ягона порталда жорий этилган давлат хизматлари сони 370 тага етказилган ва 2023 йилда яна қўшимча 200 та электрон хизматлар жорий қилиниши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, “Электрон ҳукумат”нинг асосий принципларидан бири электрон хизматларни “бир дарча” тамоили асосида, яъни электрон ҳамкорлик асосида кўрсатиши белгиланган бўлиб, ушбу йўналишда фуқаролардан 70 дан ортиқ ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди. 38 турдаги хизматлардан фойдаланишда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилинди.
Қолаверса, аҳолини сифатли оптик толали интернет билан таъминлаш доирасида Халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 2,6 баробар оширилиб, 3 200 Gbit/s.ga етказилган. Республика бўйлаб магистраль телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 600 Gbit/s.ga, туманлараро даражада эса 60 Gbit/s.ga етказилган. Натижада республикада интернет тезлигини оширишга, оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тарифнинг 2021 йил бошига нисбатан 25 фоизга арзонлаштиришга эришилган.
Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари аъзолари рақамлаштириш йўналишида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим муаммо ва камчиликларга тўхталиб ўтишди.
Хусусан, ҳозирда вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлашган. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган Ички ишлар идораларида 34 та, Адлия идораларида 32 та, “Ўзстандарт”да 29 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат рақамлашмаган. Ишга ёки ўқишга кириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда керак бўладиган “086-шакл”даги тиббий маълумотномани олиш учун одамлар ҳар сафар поликлиникаларга мурожаат қилишга мажбур.
Яна бир ҳолат. Ерларни хусусийлаштириш учун мурожаат онлайн берилади. Лекин коммунал соҳадаги маълумотлар рақамлашмагани боис, кейинги босқичлар барибир “қўлда” бажарилмоқда. Ёки йилига 300 мингдан ортиқ фуқароларимиз янги автомобиль сотиб олишади. Аммо рўйхатдан ўтиш ва давлат рақами олиш учун ҳалигача йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига боришга мажбур бўлишмоқда.
Бундан ташқари аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари порталлари ва (ёки) турли хил иловалар уларнинг интерфейсидан тортиб то алоҳида операцияларни амалга ошириш тизимларигача жуда мураккаб ишлаб чиқилган. Бу эса ўз навбатида аҳолига яратилган имкониятлардан самарасиз фойдаланишига олиб келади. Депутатлар шунингдек электрон хизматларда қулайликларни яратиш бўйича хусусий сектор нисбатан олдинлаб бораётганини ҳам қайд этишди.
Эшитув давомида депутатлар томонидан шу ва шунга ўхшаш камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифар илгари сурилди.Инсонларни ортиқча оворагарчиликдан ҳолос қилиш мақсадида давлат хизматлари майдонларида “Ягона дарча” тизимини тўлиқ ишлашини таъминлаш, рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қонуний асосларини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларида ваколатли давлат органи деб белгиланган вазирликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқиб электрон давлат хизматларини тақдим этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришнинг аҳамиятини ижрочиларга етказиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбар ходимлари учун амалий семинарларни ташкил этиш ҳамда аҳоли учун рақамли хизматлардан фойдаланишнинг содда усулларидан фойдаланиш ва йўриқномаларни кенг тарғиб қилиш кабилар шулар жумласидандир.
Қизғин баҳс мунозараларга бой бўлган эшитувда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қлинди.