Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш тизимини амалга ошириш тартиблари ҳамда механизмлари

Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси (Қўмита) томонидан Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Жамоатчилик кенгаши (Жамоатчилик кенгаши) билан ҳамкорликда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш тизимини амалга ошириш тартиблари ҳамда механизмлари” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда парламент депутатлари, вазирлик, идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот соҳасининг малакали мутахассислари ва олимлари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур семинар Қўмитанинг Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини ижрочиларга етказиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган навбатдаги туркум ахборот-таълим йўналишидаги тадбирлардан биридир.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари ва ахборот хизмати ходимларига мазкур қонун талабларини самарали ҳуқуқни қўллаш амалиётига оид услубий тавсиялар бериш, ахборот соҳасида очиқликни таъминлашда намуна бўлаётган етакчи давлат органлари фаолияти билан таништиришдан иборат.

Семинар иштирокчилари Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқланган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш Методикаси билан танишдилар. Ушбу методика асосида жорий йилдан бошлаб давлат органларининг очиқлик бўйича мавжуд қонун ва қоидаларни амалга ошириш сифатини акс эттирувчи “очиқлик индекси” нинг умумий кўрсаткичи эълон қилиб борилади.

Семинар иштирокчиларига қонунчиликка мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликка ахборот етказиш усуллари, хусусан ахборотни чоп этиш, интернет тармоғидаги расмий веб сайт, ҳамма кириши мумкин бўлган хона ва жойларга жойлаштириш, ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш, ахборотдан фойдаланувчилар учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш имкониятини яратиш, ахборот олишга доир сўровларига жавоб бериш каби усуллардан самарали фойдаланишга доир тегишли тавсиялар берилди.

Семинар давомидаги тақдимотларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, улар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, берилаётган ахборотлардан фуқароларнинг қониқиш даражасини оширишни тартибга солишга оид намунавий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар берилди. Шу билан бирга иштирокчиларга фуқароларнинг ахборот олиш эркинлигини таъминлаш бўйича конституцион ҳуқуқларини амалга оширишда очиқликни таъминлашнинг самарали усуллларига доир зарур услубий, маслаҳат ёрдамлари берилди.